Жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида “BelTexIndustry” 44-халқаро тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

 Мазкур нуфузли кўргазма ва унинг доирасида ўтказилаётган тадбирларда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси делегацияси ҳам иштирок этди.

Делегациянинг кўргазмада иштирок этишидан кўзланган мақсад маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун янги бозорлар топиш, тармоқ экспорт салоҳиятини юксалтириш ва халқаро иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътиборлидир.

Делегация кўргазма доирасида ўтказилган барча конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари ва либослар намойишида қатнашиб, соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар билан яқиндан танишди.

Кўргазма очилиши муносабати билан ўша куни соҳага доир халқаро конференция ҳам ташкил этилди. Унда сўзга чиққан “Беллегпром” концерни раиси Т. Лугина Ўзбекистон тўқимачилик саноати салоҳияти, мамлакатимиз тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари замонавий дастгоҳлар билан жиҳозлангани ҳақида тўхталар экан, бу жараёнда Беларусь корхоналарини юртимиз корхоналаридан баъзи жиҳатлардан ўрнак олиши кераклиги, шунингдек, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Ўзбекистон жаҳон бозоридаги асосий рақиблардан бири эканлигини алоҳида эътироф этди.

Россия Федерациясининг “Рослегпром” бирлашмаси раиси А. Кругликнинг анжуманда таъкидлашича, Ўзбекистон бугунги кунда тўқимачилик ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда жаҳон бозорида энг асосий ўринлардан бирини эгаллаб бормоқда.

Ҳозирги кунда "Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Беллегпром” концерни ўртасида 2019-2020 йилларда ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича имзоланган “Йўл харитаси”си бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро вилоятида жойлашган “Пешкутекс” Ўзбекистон-Беларусь қўшма корхонасига Беларусь Республикаси “БПХО” ОАЖ (Баранович тўқимачилик жамияти) ҳам ўз улуши билан кириши бўйича музокара шундай ҳаракатлар сирасидан.

Шунингдек,  “Свитанак” ОАЖ ва “Ўзтекс Групп” ҚК МЧЖ ҳам ўзаро ҳамкорлик бўйича ва “Камволь” ОАЖ, “8 март” ОАЖ, “Оршанский льнокомбинат”, “Конте Спа”, “Милавица” корхоналари Ўзбекистонда ўз фирма ва дўконларини очиш бўйича ўзаро музокаралар олиб бормоқда. Мазкур “Йўл харита”сини ҳар бир банди бажарилиши бўйича “Беллегпром” концерни томонидан қатъий назорат ўрнатилган бўлиб, корхоналарга ҳар чорак якуни  ҳақида ёзма маълумот бериш вазифаси юклатилган.

Икки давлат ўртасидаги алоқалар соҳага малакали кадрлар етиштириб бериш борасида ҳам мустаҳкамланмоқда. Масалан,  Витебск давлат техника университити билан ҳамкорликда Тошкент тўқимчилик ва енгил саноат институтида қўшма факультет ташкил этилилган. Ҳозир ушбу факультетда 2019-2020 ўқув йиллари учун талабалар ўқишга қабул қилинди.

“BelTexIndustry” кўргазма доирасида ўзбек делегацияси Пинск шаҳрида жойлашган “Полесье” корхонаси раҳбарияти билан учрашди. Унда олиб борилган музокаралардан сўнг ушбу корхона вакиллари ёзги тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Тошкент шаҳрида жойлашган "Азалиум” МЧЖга буюртма бериш ҳамда пойтахтимизда фирма дўкони очиш борасида  аниқ режалар ишлаб чиқишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан Беларусь Республикасига 17,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган.