Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришни таъминлаш, пахта толасини чуқур қайта ишлаш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кўпайтириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Республиканинг деярли барча ҳудудларида, шу жумладан олис ва иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилмоқда.

Бугунги кунда тармоқ корхоналари маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини жаҳондаги 50 дан зиёд мамлакатларга экспорт қилмоқда. Ҳар йилги экспорт ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Президентимизнинг жорий йил 31 октябр куни макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланаб ўтказилган йиғилишларида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2020 йилда сезиларли кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунга асосан Уюшма томонидан тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида тайёр маҳсулотлар улушини кескин ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Мазкур Чора-тадбирлар режасига кўра, пахта толасини чуқур қайта ишлаш ҳисобига тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш таркибини ўзгартириб, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига ишлаб чиқарилган умумий маҳсулотда тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича зарур чораларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Жумладан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасига маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни жалб этиш эвазига 2019-2021 йилларда умумий қиймати 680 млн.доллар бўлган 57 та тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳаларни замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш ҳисобига амалга ошириш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш режалаштирилган.

Натижада тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида 2020 йилда тармоқни интенсив ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳисобига саноат ишлаб чиқариши ҳажмларини 1,2 баробар, тайёр газламалар ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқаришни 1,4 баробар, трикотаж мато ва пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,3 баробар кўпайтиришга эришиш орқали 963,4 млн.кв.м ип газлама, 227,5 минг тонна трикотаж мато, 1070,6 млн.дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ҳамда 312,4 млн.жуфт пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш кутилмоқда.

 

 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда ташкил этилаётган янги қувватлар аввало ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини оширилишига имкон беради.