Бугун, 14 октябрь куни «Textile technologies group” МЧЖ ХК фаолияти  ва унинг Чиноз пахта тўқимачилик  ишлаб чиқариш кластери фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва «Textile technologies group” МЧЖ хорижий корхонаси ҳамкорлигини ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад юртимизда тўқимачилик соҳасини ривожлантириш, бунда кластер фаолият шаклини кенгайтириш ҳамда ўрганилган хорижий тажрибалар асосида органиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш борасидаги дастлабки эксперимент натижаларини кенг жамоатчиликка хабардор қилишга қаратилган.

Дастлаб иштирокчилар корхонага қарашли Чиноз пахта тўқимачилик  ишлаб чиқариш кластери бўлиб, бу ерда мамлакатимизда биринчи маротаба органик пахта етиштирилгани ва унинг етиштириш афзалликлари ва аҳамияти ҳақида мутахассислардан батафсил маълумот олди.

–Албатта, органик пахта етиштириш жаҳон бўйича ҳам кенг етиштирилади, – деди Чиноз пахта тўқимачилик  ишлаб чиқариш кластери мутахассиси Турсунбой Комилов. – Мамлакатимиз учун бу иш янгилик. ЎзФА олимлари ва хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида шу ишга қўл урилди. Ҳозир Чиноз туманининг 217 гектар майдонида илк бор органик пахта етиштирилди. Органик пахпа парвариши учун кимёвий ва минерал ўғитлар ишлатилмай, аксинча, биомаҳсулотлар ишлатилди. Кутилган натижа эса аъло даражада. Ҳосилдорлик ҳам юқори, ҳар бир гектаридан 30 центнердан ҳосил олинмоқда. Ҳатто органик пахта чигитидан экологик тоза ёғ олиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Энг муҳими, жорий йилнинг октябрь куни биз етиштирган органик пахта халқаро экологик талабларга тўлиқ жавоб бериши тўғрисида сертификатга эга бўлди. Энди бунинг натижасижа маҳсулотни жаҳон ва Европа бозорига экспорт қилиш имкони пайдо бўлади.

Таъкидлаш керакки, “Textile technologies group” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхона томонидан етиштирилган ушбу маҳсулотнинг сифат даражасини аниқлаш мақсадида Болгариядаги “Control union” ташкилоти инспектор-аудитори Екатерина Томева маҳсулотга юқори баҳо берган. Унга кўра, маҳсулотдан нафақат олий навли тола, балки чигитидан экологик тоза пахта ёғи олиниши мумкин. Шунингдек, маҳсулот жаҳон ва Европа бозорида рақобатбардош ва сифат бўйича бозордаги нархи бир ярим баробар қўшимча қийматга эгалиги маълум қилинган. Жорий йилнинг 8 октябрида Чинозда етиштирилган органик пахта Европа бозорига чиқиш сертификатига эга бўлгани катта эътирофга лойиқдир.

Яна мутахассисларнинг журналистларига маълум қилишича, келгуси йил 1150 гектар ерда органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш кўзда тутилган. Шундан 600 гектарида органик пахта, қолган майдонида эса органик буғдой етиштириш режалаштирилмоқда.

 

Пресс-тур тур доирасида  иштирокчилар корхонага қарашли Чиноз пахта тўқимачилик  ишлаб чиқариш кластерида пахта йиғим-теримида қатнашаётган теримчилар билан ҳам суҳбатда бўлди. Шундан сўнг улар “Textile technologies group” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасига борди ва у ердаги жараён билан танишди.

Маълумот ўрнида,  "Textil Technologies Group» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, у 2013 йилдан бошлаб ўз ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган. Асосий фаолияти калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхонанинг йиллик қуввати 5400 тонна. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Хитой, Туркия, Эрон, Корея давлатларига, шунингдек, Россия, Беларусь ва Қирғизистонга экспорт қилинади.

–Давлатимиз томонидан тўқимачилик саноатини ривожлантиришда кластер фаолиятини кенг жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда, –деди мазкур корхона директори Дилшод Тожибоев. – Шундан келиб чиқиб, биз учун  Тошкент вилояти Чиноз туманида кластер асосида пахта хом ашёсини етиштириш мақсадида 7 минг гектар ер майдон ажратилди. Ушбу ер майдонидан 5 минг 700 гектарда Чиноз фермер хўжаликлари билан тузилган контрактация шартномалари асосида ва 1 минг  300 гектарда кластер асосида пахта ҳосили етиштирилмоқда. Пахта етиштиришда энг замонавий техникаларга эгамиз. Келгуси режаларимиз янада улкан. Масалан, корхонанинг фаолиятини янада такомиллаштириш учун 11 лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунда пахтани етиштиришдан то  тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш технологияларни жорий этиш режалаштирилган.

         Иштирокчилар тадбир доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

"Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси

матбуот хизмати.