Жорий йилнинг 9 октябрь куни «Ўзтўқимачисаноат» уюшмасида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ)нинг Бонн шаҳридаги бош офиси саноат ва глобал лойиҳалар департаменти раҳбари Андреас Прокш бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.

Унда  томонлар GIZнинг « Барқарор ривожланиш ва пахта саноатида қўшимча қийматни ошириш» лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, бу жараёнда ижтимоий йўналишлар ривожи,  пахта ишлаб чиқариш тармоғида экологик ва иқтисодий барқарорлик ҳамда мамлакатда дастлабки қайта ишлаб чиқаришни амалга ошириш масалалари  муҳокама этилди.

Шуни алоҳида таъкидла керакки, жорий йилнинг 21-22 май кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида  молиявий ва техник ҳамкорликлар бўйича музокаралар доирасида GIZнинг « Барқарор ривожланиш ва пахта саноатида қўшимча қийматни ошириш» лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш муддати 4 йилга мўлжалланган бўлиб, у  Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятларида амалиётга татбиқ этилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад пахта ишлаб чиқариш тизимини иқтисодий, экологик ва ижтимоий жиҳатдан ривожланиш барқарорлигини таъминлаш ва юртимизда даслабки қайта ишлаб чиқаришни жорий этишга қаратилган. У  ишлаб чиқариш методологияси барқарорлиги, маҳаллий қўшимча қиймати, етказиб бериш узвийлиги ва пахта саноат барқарорлиги дастури компонентлари асосида амалга оширилади.

 Лойиҳанинг сиёсий ҳамкори Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисобланса, унинг ижрочилари – «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси, "Ўзпахтасаноат" АЖ, вилоятлар ҳокимияти ва бошқа давлат ҳамда хусусий ташкилотлардир.

 Жорий йилнинг 6 октябрь куни мазкур ҳамкорлар билан лойиҳанинг ижроси бўйича биринчи йиғилиш  бўлиб ўтди.

 

«Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси

 матбуот хизмати